“Тесей кемаси” деган машҳур парадокс бор. Дейлик, бир қайиқ бор, вақт ўтиб унинг битта тахтасини алмаштирдингиз. Яна бир неча ой ўтгач, ремонт қилишга мажбур бўлдингиз ва яна бир қанча тахталар янгиланди. Бошқа деталлари алмашди. Хуллас, бир кун келиб, навбати билан ҳамма ёғоч алмашиб кетса, мана шу қайиқ ўша бошидаги қайиқ бўладими ёки бутунлай бошқа қайиққа айланадими?
Ўша қайиқ бўлса, дастлабки қайиқдан бирортаям детал қолмаган-ку? Агар бу энди бошқа қайиқ бўлса, қачондан бери? Яъни охирги тахтани алмаштиришган пайтда бошқа қайиққа айланган бўлса, шу биргина охирги тахта шунчалик муҳимми? Аввалроқ бошқа қайиққа айланган бўлса, айнан қачон, нечинчи тахта алмашганда бошқа қайиққа айланган?
Хуллас, аввалги замонлар анча зерикарли бўлган, мана шунақа фалсафа суқиб баҳслашиб ўтиришган. Клублар ўртасида жаҳон чемпионати ўтаётган бўлса-да, катта футболда озгина танаффус. Биз ҳам зерикяпмиз-да, узр :)
Бу парадокснинг эслаганимнинг сабаби, шу ой охирида Жонни Эванс футболни тарк этади ва “Манчестер Юнайтед”да Алекс Фергюсон жамоасидан ҳеч ким қолмайди. Бу биринчи шунақа мавсум бўлади. 2023 йил ёзгача Давид де Хеа таркибда бўлган, у кетиши билан Эванс қайтиб келди ва эстафета узилмади. Ана энди, “МЮ”да Фергюсон қайиғидан ҳеч ким қолмади.
Яъни, агар парадоксдаги баҳслардан келиб чиқсак, ана энди бу бутунлай бошқа, Алекс Фергюсонга умуман алоқаси бўлмаган жамоа. Қизиғи, эски қайиқ денгизнинг энг тубига ҳам тушиб кўрди, энди нима бўларкин, кўрамиз.
@aslanov_futbol