— Гулмира, нима бўлди, қизим? — ойнанинг синганини кўриб ранги оқаринқиради. — Бу нима қилганинг? Болам, сенга нима бўлди?
Мен эса ўзимни тутиб туролмасдим.
— Ойи, менинг яшагим келмаяпти. Ўлгим келяпти, ойи… — йиғлаганча ўзимни онамнинг бағрига отдим. — Бўлди, тўйдим. Менга ҳеч кимнинг, ҳеч нарсанинг кераги йўқ… Тўйдим…
Онам эса ҳамон ҳайратда турарди. Эркатой қизининг навбатдаги «ҳунари» уни батамом эсанкиратиб қўйганди-да:
— Ким хафа қилди? Гапир, ичингдагини тўкиб сол, болам.
Ҳолатим онамни баттар ваҳимага соларди. Охири ойим бечора чидолмади ва юзимга тарсаки туширди. Бехосдан сепилган муздек сув эса ақл-ҳушимни ўзига қайтарди.
— Энди гапир, ким сени хафа қилди? — сўради ойим мулойимлик билан.
Индамадим. Ойим қисталанг қилавергач, чорасиз ёрилдим.
— Ойи, севган инсоним мени алдаб юрган экан. Бугун билдим. Кўз олдимда у…
Гапимни охиригача етказолмадим. Телефон жиринглаб қолди. Онам тинимсиз жиринглаётган телефонни қўлига олиб:
— Бу ўшами? — деб сўради.
Индамай юзимни ўгирдим.
— Мени йўқ деб айтинг.
Онам телефонда Нодир билан гаплашиб, сўнг:
— Сени сўраяпти, гаплашмасам бўлмайди, деяпти. Балки, гаплашиб оларсан, — деди меҳр билан.
— Алло, Гулмира, ҳар доимги жойга кел. Мен шу ердаман, келмасанг ўзим уйингга бораман.
Алоқа узилди. Онамга тикилдим. Ойим сочларимни силаркан:
— Қизим, ҳамманинг гапига кирмасдан, унинг ўзидан бориб сўра. Агар сени яхши кўрмаса, телефон қилиб ялинмасди. Бора қол… Ҳаммаси аниқ бўлгандан кейин бир тўхтамга келамиз.
Онам муҳаббатни қадрлайдиган аёл эди. Шу боис мени тушунди. Аммо негадир юрагимни ваҳима босарди. Худди бирор кўнгилсизлик содир бўладигандек кўнглим ғашланарди. Балки, бугунги воқеалар учун юрагим безовта бўлаётгандир, деб ўйладим.
Айтилган жойга келганимда Нодир асабий тарзда у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
— Нима дейсиз? — дея алам билан унинг юзига қарадим. — Қилар ишни қилиб, энди устимдан кулиш учун чақирдингизми?
— Уйдагиларим сен ҳақингда билишмайди. Улар мени сен уришган ўша қизга — Сайёрага уйлантиришмоқчи!
Ҳаммасидан ўтиб тушган гап шу бўлди! Йиғлаб юбордим. Ичимдан нимадир узилди. Бир кўнглим кетмоқчи ҳам бўлди, аммо дилимда борини тўкиб, айтиб, аламдан чиқиб, кейин кетишим керак эди.
— Хўп, майли… Сиз ўша қизга уйланишингизни айтгани чақирдингизми? Шу гапни бемалол айтишга уялмадингиз ҳам-а? Лекин билиб қўйинг, сиз менга насиб қилмадингизми, унга ҳам буюрмайсиз? Мен қўлимдан келганини қиламан. Майли, мени ёмон кўринг, нафратланинг. Бошқа қизга уйлансангиз, майли, аммо ўша қизга эмас!
Нодир эса менга кулимсираб қараб турарди. Унинг бу ҳолатидан «Қўлингдан нима келарди?» деган маънони тушундим.
— Билиб қўйинг, мен ўзимни-ўзим ўлдираман. Айбни эса сизга тўнкайман. Кейин, кейин сизни…
— Бўлди қил-э!
— Мен билан бунақа ҳазиллашманг, — дедим, ниҳоят.
У индамади, фақат кулимсирарди. Бир муддат иккимиз ҳам жим бўлиб қолдик.
— Тўғрисини айтинг, Сайёра сизни яхши кўради, а? — сўрадим юрак ютиб.
— Бўлиши мумкин, — деди Нодир яна кулимсираб. — Лекин мен уни эмас, жинни қиз — Гулмирани яхши кўраман. Ким нима деса ишонаверма. Бизнинг севгимизни кўролмайдиганлар ҳам бор. Тўғри, Сайёра ёмон қиз эмас. Онам ҳам уни яхши билади. Лекин агар сен шунақа жанжаллар қилаверсанг ва бу онамнинг қулоғига етиб борса…
Мен индамадим. Бугун жиннилик қилганимни ўзим ҳам биламан. Аммо энди пушаймондан нима наф?
— Бугун мен Сирдарёга кетяпман. Эртагамас, индинга учрашамиз. Яна тўполон қилиб юрмагин-а, — деди Нодир ёлғондан пўписа қилиб.
Унинг кетишини эшитиб яна юрагим ғашланди. Атрофга қоронғилик тушиб бўлганди… Қоронғида йўл юриш… Очиғи, мен унинг кетишини истамагандим.
— Эртага кетарсиз. Бугун бормай қўя қолинг, — дедим Нодирга кетишини истамаётганимни билдириш учун.
— Ие, унда ойим Сайёрани келин қилади. Тезроқ бормасам бўлмайди.
Нодир шунақанги беғубор кулдики… Табассумига мафтун бўлиб, унга тикилиб қолдим.
— Ҳозир айни вақти. Уйдагиларга айтишим шарт! Менга сен кераксан ва буни ҳамма билиши керак! Тўғрисини айтайми, ёнингдан ҳечам кетгим келмаяпти. Тонггача ҳам ухламай гаплашиб ўтиришни хоҳлардим, — деди аллақандай сўниқ оҳангда.
Мен эса кулдим.